Ҳар бир эркак киши ҳамиша иммунитетини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиши лозим. Бунинг учун профилактика чора-тадбирларидан бохабар бўлгани маъқул. Қуйида шу ҳақда маълумот берамиз.
Энг аввало, турли яллиғланиш касалликларининг олдини олиш мақсадида уролог ва андролог кўригига бориб, текширувлардан ўтишга одатланиш зарур.
Ҳар куни турли хилдаги витамин ва минералларга бой озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш лозим. Витаминларга бой барра кўкатларни нафақат овқатга солиш, шунингдек, ўзини ейиш ҳам айни муддао.
Яллиғланиш касалликларининг олдини олиш учун тузни камроқ истеъмол қилиш керак. Кўпроқ сув ичиш, асосан, буғда димланган, қасқонда пиширилган таомлар ейиш фойдали.
Аччиқ егуликлар, дудланган маҳсулотлар ва қовурилган таомлардан воз кечиш тавсия этилади.
Аскорбин кислотасига бой маҳсулотларни ейиш иммунитетни мустаҳкамлайди. Шу мақсадда булғор қалампири, карамнинг барча турлари жуда фойдали.
Эрталабки нонушта дастурхонида оз миқдорда бўлса ҳам, ёнғоқ ҳамда бодом бўлиши мақсадга мувофиқ. Бу маҳсулотлар ҳам организм учун жуда зарур ҳисобланади.
Балиқ маҳсулотлари ва унинг мойи эркаклар иммунитетини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади. Шу мақсадда ҳафтада икки марта балиқни манти қасқонга солиб, буғда пишириб ейиш мақсадга мувофиқ. Шунда балиқ таркибидаги барча фойдали хусусиятлар сақланиб қолади. Айниқса, денгиз балиқлари организм учун жуда зарур. Ёдингизда бўлсин, қовуриб пиширилган балиқ, афсуски, фойдали хусусиятини йўқотади.
Гречка унидан хамирли таомлар тайёрлаб ейиш ҳам иммунитетни мустаҳкамлайди.
Аксарият инсонлар турли сабзавотлардан фойдали ва мазали, қолаверса, иштаҳа очувчи таом ҳамда салатлар тайёрлаб, дастурхонга тортиқ эта олади. Фақат бунда асосий эътибор парҳезли таомлар пиширишга қаратилиши зарур. Салатларга, иложи бўлса, ўсимлик ёғи қўшилгани фойдалироқдир.
Иммунитетни меъёрда сақлаш учун ҳар бир инсон истеъмол қилаётган таоми қанча калорияни ташкил этишини, тахминан бўлса ҳам, билиши керак. У бугун қанча калория сарф қилгани ва унинг ўрнини қоплаш учун қанча калорияли овқат истеъмол қилиши кераклиги ҳақида маълумотга эга бўлиши даркор.
Кўпроқ ҳаракат қилиш лозим. Чунки қишда одам совуқ об-ҳаво шароити туфайли бироз камроқ ҳаракат қилади. Шу боис кун исиши билан ҳаракатларни кўпайтириш мақсадга мувофиқ.
Кун давомида 4-5 марта овқатланиш организм учун айни муддао. Таомнома таркиби шундай тузилиши керакки, бир кунда ҳам сут маҳсулотлари, ҳам мева ва сабзавотларнинг фойдали хусусиятларидан организм баҳраманд бўлмоғи лозим. Истеъмол қилинадиган таом инсоннинг муштидан катта бўлмаслиги керак. Ана шунда инсон семириб кетмайди. У ўзини енгил ҳис этади, организмида ортиқча ёғлар тўпланиб қолмайди.
Иммунитетни мустаҳкамлаш ва чиниқишда сузиш спорти жуда фойдали. Афсуски, баъзи инсонлар сузишни билмайди ёки бошқа сабабларга кўра унга айнан бу спорт тури тақиқланган бўлади. Бундай эркакларга эрталаб тоза ҳавода соатига 5-6 км бир текисда тез юриш тавсия этилади. Қолаверса, ётишдан олдин ҳам бир оз очиқ ҳавода юрилса, уйқу сифати яхшиланади, мия дам олади.
Ўзини ёмон фикрлардан ҳимоялаш ҳам саломатликда, айниқса, иммунитетни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Инсон қанчалик бошқа инсонларга меҳр-муҳаббат улашса, табассум ҳадя этса, ўзи ҳам қувват олади. Аксинча, турли стрессларни бошдан кечириш эса иммунитетни пасайтиради.
Юқорида санаб ўтилган маслаҳатларнинг ҳаммаси иммунитетни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Фақат бунинг учун ушбу тавсияларнинг барчасига бирдек амал қилиш зарур.
Дилмурод ЭРГАШЕВ,
«Доктор-Ди» госпитали асосчиси,
тиббиёт фанлари номзоди,
уролог, андролог, репродуктолог,
«ШИФО-инфо» газетасининг
таҳрир ҳайъати аъзоси